ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Ўзбекистонда 11 март куни бўлиб ўтадиган умумхалқ хайрия ҳашарида 5 мингга яқин оиланинг уй-жойи таъмирлаб берилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Саломов маълум қилди.
Қайд этилишича, шанба куни 12 минг гектарга яқин майдонни ободонлаштириш режалаштирилган. 11 минг тоннага яқин маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланиб, 1300 километрдан зиёд ариқ ва лотоклар тозаланади.
Қабристон ва зиёратгоҳлар ободонлаштирилади
Рамазон ойи арафасида қабристон ва зиёратгоҳларда ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Бу йилги ҳашар доирасида ҳам 8 минг 500 дан зиёд қабристонлар 400 га зиёратгоҳлар ободонлаштирилади.
Мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади
Ҳашар доирасида 1 миллион тупга яқин манзарали, 500 минг тупдан зиёд мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиши режалаштирилган. Аҳолига ҳомийлик маблағлари ҳисобидан мевали ва манзарали дарахт кўчатлари бепул етказиб берилади. Шунингдек, ҳашар доирасида 2 миллион тупдан зиёд гул кўчатларини экиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг уй-жой шароитини яхшилаш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш учун 1 миллиард 300 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланади.
Ҳашар доирасида яна бир қатор хайрия тадбирлари ташкил этилади:
2 мингдан зиёд имконияти чекланган шахслар ҳамда якка-ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинади;
7 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатилади. Бунинг учун жами 2 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилади.
Қайд этилишича, автомобил йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудларларда ихтиёрий ташаббус билан тадбирлар ўтказиш таъқиқланади. Иш берувчиларнинг ходимларни ҳашарга мажбурий жалб этишига йўл қўйилмайди.