ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Гулистонда яна уч эгизак дунёга келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридан бўлган Мақсуда Каримова ва унинг оила аъзолари учун қўшалоқ байрам бўлди. Байрам арафасида бу хонадонда яшовчилар сафига бирйўла 3 эгизак қўшилди.
Мақсуда Каримова 35 ёшни қаршилади. У аввалроқ Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг акушерлик комплексига ётқизилган. Бу ерда туғуруқ жараёни маҳоратли шифокорлар назорати остида муваффақиятли амалга оширилди.
Натижада бирйўла уч эгизак қизалоқ — Фотимахон 2,2 кг, Зуҳрахон 2,5 кг, Заҳрохон 2,2 кг вазн билан дунёга келди.
“Айни пайтда онанинг ҳам, чақалоқларнинг ҳам саломатлиги яхши. Тажрибали мутахассислар назорати остида парвариш жараёни давом эттирилмоқда”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бир ой аввал айни шу муассасада Боёвут туманида истиқомат қилувчи Иродахон Маматқулова ҳам уч эгизакни дунёга келтирган эди.