Ақилбек Жапаров UzAuto Motors заводини кўздан кечирди – фото

Оқилбек Жапаров Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида Асака шаҳридаги UzAuto Motors заводига ташриф буюрди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 мар - Sputnik. Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида Асака шаҳридаги (Андижон вилояти) UzAuto Motors заводига ташриф буюрди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Жапаров Асакадаги автомобиль заводи инвестицияларни жалб этиш ва ишлаб чиқариш жараёнини самарали ташкил этишнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади.
“Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш доирасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш зарур. Бу йўналишда дастлабки қадамлар қўйилди. Энди амалдаги келишувлар яқин келажакда амалиётга татбиқ этилиши учун UzAuto Motors заводи билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик суръатини ошириш кифоя”, - деди Жапаров.
Қирғизистон бош вазири Фарғона ва Наманган вилоятларидаги қатор тўқимачилик корхоналарида ҳам бўлди.
Қирғизистон ва Ўзбекистон тўқимачилик саноати соҳасида ҳамкорликни режалаштирмоқда. 2023 йил бошида икки давлат ўртасида Жалолобод вилоятида тўқимачилик ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди.
Бунинг учун Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси томонидан Ноокат туманида жойлашган тўқимачилик корхонаси қурилиши учун 16 миллион доллар ажратилади.