Тбилисида полиция 66 нафар намойишчини қўлга олди - видео

Тартибсизликларда ИИВнинг 50 нафар ходими тан жароҳати олган, уларнинг бир нечасига жарроҳлик аралашуви талаб қилинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 мар - Sputnik. Грузия пойтахтида бўлиб ўтган норозилик намойиши чоғида хавфсизлик кучлари майда безорилик ва полицияга бўйсунмаганлик учун 66 кишини ҳибсга олди, деб хабар қилди РИА Новости мамлакат ИИВга асосан.
Мамлакат ИИВ маълумотларига кўра, намойишчилар ёндирувчи аралашмалар ва тош отганидан сўнг полиция резина ўқ ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. ИИВнинг 50 нафар ходими тан жароҳати олган, уларнинг бир нечасига жарроҳлик аралашуви талаб қилинган, улар ҳалигача тиббиёт муассасаларида. Акция давомида фуқаролар ҳам жабр кўрди.
Грузия парламенти томонидан хорижий агентлар тўғрисидаги қонун биринчи ўқишда қабул қилинганидан сўнг сешанба куни Тбилиси марказида тартибсизликлар бошланган эди.
Мухолифатчиларнинг фикрича, қонун лойиҳаси тартибга солишнинг русча версиясига ўхшайди ва мамлакатни Европа Иттифоқидан узоқлаштиради.
“Чет эл таъсирининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Грузияда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва хорижий давлатдан маблағ олувчи субъектлар реестрини яратишни назарда тутади. Парламентдаги кўпчиликни ташкил этувчи “Грузия орзуси” партияси вакиллари журналистларга янги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаш ниятида эканликларини, агар президент Саломе Зурабишвили ушбу қонунга вето қўйса, депутатлар уни енгиб ўтишга ҳаракат қилишларини айтишди.