Қирғизистон бош вазири амалий ташриф билан Ўзбекистонга келди

Қўшни республика бош вазири UzAuto Motors корхонасига ташриф буюриб, корхона билан ҳамкорликни йўлга қўйиш кераклигини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 мар - Sputnik. Қирғизистон бош вазири (Вазирлар маҳкамаси раиси – Президенти администрацияси раҳбари) Акилбек Жапаров Ўзбекистонга амалий ташриф билан келди.
Ташриф Андижон вилоятидан бошланди. У ерда қўшни республика бош вазири UzAuto Motors корхонасига ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.
Акилбек Жапаров айтишига кўра, ушбу корхона сармоялар жалб этиш ва самарали ишлаб чиқаришни йўлга қўйишнинг яққол мисоли деб атади ва корхона билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик суръатини ошириш кераклигини таъкидлади.

“Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш доирасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш зарур. Бу борада дастлабки қадамлар қўйилди. Энди амалдаги келишувлар яқин келажакда ҳаётга татбиқ этилиши учун UzAuto Motors заводи билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик суръатини ошириш зарур”, — деди у.

Маълумот учун: Асака шаҳридаги завод қурилиши 1994 йил июнь ойида бошланган. 1996 йил март ойида корхонада "Дамас" автомобили ишлаб чиқарила бошланди.
Айни пайтда корхона конвейердан “Spark”, “Nexia”, “Cobalt”, “Lacetti-Gentra”, “Damas”, “Labo”, “Malibu”, “Tracker”, “Equinox”, “Trailblazer”, “Traverse”, “Tahoe” каби автомобиллар Chevrolet бренди остида ишлаб чиқарилмоқда. Корхона ўтган йилда 327 минг дона автомобиль ишлаб чиқарган ва жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 400 мингга етказишни режалаштирилган.
Ташриф давомида Қирғизистон бош вазири, Ўзбекистон олий раҳбарияти билан бир қатор учрашувлар ўтказишни ҳамда Жиззах вилоятининг Манас қишлоғида ихчам истиқомат қилувчи этник қирғизлар билан ҳам учрашишни режалаштирилган.