Сочлар ойига тахминан 1-1,5 сантиметр тезликда ўсади. Сочларни, ҳатто вақтинчалик бўлса ҳам, сунъий йўл билан ўстириш, яъни улаш, яхши фикр эмас. Сабаби ундан кейин сочлар аввалгидан ҳам ёмонроқ ўсади. "Мен танлов қилишни таклиф қиламан: тез ва сунъий йўл билан соч ўстириш ёки секин ва табиий", - дейди трихолог Ангелина Аракелян. "Чунки бу икки истакни бир вақтнинг ўзида амалга ошириб бўлмайди".
"Гап шундаки, соч фолликуласи (илдизи) фақат ўз табиий сочининг оғирлигини ушлаб туриши мумкин. Агар унга қўшимча суньий соч мажбуран уланса, оғирлик сезиларли даражада ошади, фолликула ва уни озиқлантирадиган қон томирлари зарарланади. Натижада сочларнинг озиқланиши ёмонлашади, ингичкалашади, синишни бошлайди ва тўкилади", - дейди мутахассис.
Аракеляннинг фикрича, сочнинг сифати ҳам, узунлиги ҳам кўп жиҳатдан генетикага боғлиқ.
"Шунинг учун, дастлаб узун сочлар соҳибаси бўлиш имкони ҳаммада ҳам мавжуд эмас", – дейди у.
Уй шароитида сочларини секин ва табиий равишда ўстиришни афзал кўрганлар учун мутахассис қуйидаги муҳим омилларга эътибор беришни тавсия қилади:
• Турмуш тарзи. Тартибли овқатланиш, сифатли уйқу, кам асабийлашиш соч ўсишини тезлаштиради.
• Фасл. Баҳор ва ёзда сочлар тезроқ ўсади.
• Ёш. 40 ёшларда, метаболик жараёнлар секинлашади ва шунинг учун соч ўсиш жараёни ҳам секинлашади.
• Озиқланиш. Организмга соч "қурилишида" муҳим роль ўйнайдиган етарли миқдорда витамин ва минералларни етказилиши керак.
Сочини узунлаштириш истаги борлар ҳар қандай зарар етказувчи таъсирлардан - бўяш, кимёвий жингалак қилиш, текислашдан қочишлари керак. Буларнинг барчаси сочларни кучсизлантиради, уларни қуруқ ва жонсиз қилади.
Бош териси ҳолатига ва соч танасининг сифатига таъсир қилувчи уй шароитида тўғри парвариш катта аҳамиятга эга. Косметолог ва диетолог Кристина Мишина парваришни қандай амалга ошириш керак эканлигини тушунтириб берадиган қатор маслаҳатлар бериб ўтди.
1. Сочларни тўғри ювиш
Сочларни ҳар икки ёки уч кунда бир марта ювишга ҳаракат қилиш керак, лекин ундан қисқа муддатда эмас. Соч жуда тез кирланадиган бўлса ҳам, камида кун ора ювиш маъқул. Сочларни фақат илиқ сув билан ювиш керак ва ҳеч қандай ҳолатда иссиқ сув билан эмас. Ювишдан кейин бошингизни совуқроқ сув билан чайинг.
2. Сочларни ниқоблар ёрдамида парвариш қилиш
Соч ниқобларидан доимий равишда, ҳафтасига камида бир марта фойдаланиш керак. Қоида тариқасида ниқобни соч илдизларига қўлламаганлик маъқул. Асосий эътибор соч учларига қаратилиши керак ва кейин ниқобни бутун узунлик бўйлаб тақсимлаш керак. Ниқобнинг таркиби асосан табиий ингредиентларни ўз ичига олганлиги маъқул.
Уйда тайёрланган ниқоблар ҳам соч ўсишини тезлаштиришга ёрдам беради.
Масалан:
• 2 ош қошиқ қуруқ хантал кукуни;
• 1 та тухум сариғи;
• 2 ош қошиқ зайтун ёғи;
• 2 ош қошиқ иссиқ сув.
Ингредиентларни бир бутун массага айланмагунча аралаштирилиш керак. Тайёр бўлган ниқобни илдизларга суртиб,15 дақиқадан бир соатгача (хоҳишга кўра) ушлаб туриш керак.
3. Ҳаддан ташқари иссиқликдан ҳимоя қилиш
Соч қуритгич ёки соч дазмолини ишлатишдан олдин термал ҳимоя воситаларини қўллаш керак.
Бу техникалардан умуман воз кечин ундан ҳам яхшироқ қарор бўлади.
4. Нам сочлар билан ухламаслик
Нам сочлар қуруқ сочларга қараганда анча нозик бўлади ва ёстиқ билан ишқаланиш натижасида сочларнинг учлари шикастланади. Худди шу сабабга кўра, нам сочларга сочиқни ўраб қўйиш керак эмас.
5. Тарашда эҳтиёт бўлиш
Нам сочларни умуман тараш керак эмас – фақат қуритгандан кейин. Сочни қўшимча равишда намловчи ва силлиқлаштирувчи маҳсулотлардан фойдаланишингиз мумкин. Сочни тортиб юлиб олмаслик ёки шикастламаслик учун тарашни соч учидан бошлаш керак, кейин аста-секин баландроққа кўтарилиш керак.
6. Сочларни ичидан озиқлантириш
Соч ўстиришда овқатланиш тартиби ҳам муҳим. Аввало, оқсил ва омега-3 тўйинмаган ёғли кислоталарга бой овқатлар истеъмол қилиш керак, масалан, лосось, сазан ва скумбрия каби ёғли балиқлар.
Жигар, карам, қовоқ каби темир моддани ўз ичига олган овқатлар ҳам соч ўсишига жуда ижобий таъсир кўрсатади.
7. Соч учларини кестириб туриш эсдан чиқмасин!
Аксарият аёллар соч ўстириш учун уларни бутунлай кесмаслик керак, деб ўйлайди. Бу нотўғри – ҳатто энг эҳтиёткорлик билан парвариш қилинган ҳолда, сочларнинг учлари ёмонлашади, синади ва натижада соч сифати пасаяди. Шунинг учун камида икки ёки уч ойда бир марта сартарошга бориб, учларини кестириш керак.