ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Февраль ойида Украина Қуролли кучларининг йўқотишлари 11 минг кишидан ошди. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу маълум қилди.
“Американинг “Россияни қурол кучи билан синдириш” стратегияси доирасида Ғарб давлатлари Украинага қурол-яроғ ва ҳарбий техника етказиб беришни кўпайтирмоқда, Украина армияси шахсий таркибини ўқитиш дастурларини кенгайтирмоқда. Шу билан бирга, Киев режимини НАТО мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланиши Украина қўшинларининг жанг майдонида муваффақият қозонишига олиб келмаяпти. Аксинча, Украина қуролли кучлари шахсий таркиби орасида йўқотишлар сезиларли даражада ошган”, — деди мудофаа вазирлиги раҳбари.
Таъкидланишича, Киев 6500 дан ортиқ аскарини йўқотган январь ойига нисбатан Украина йўқотишлари 40 фоиздан ошган.
“Киев режимининг ўз халқига бефарқлиги ажабланарли. Ўз навбатида, биз учун устувор вазифа шахсий таркиб ва тинч аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш бўлиб қолмоқда”, — деди Шойгу.
Вазирнинг аниқлик киритишича, россиялик ҳарбийлар Донбассдаги Украина гуруҳининг муҳим мудофаа маркази Артёмовскда жангларни давом эттирмоқда.
Россия армияси ҳужум пайтида Донецк ва Купянск йўналишларида бешта қишлоқни озод қилишга муваффақ бўлди: Николаевка, Двуречное, Красная Гора, Гряниковка, Парасковиевка.
Шойгу қуролли кучлар махсус ҳарбий операция доирасидаги вазифаларни бажаришда давом этишини қўшимча қилди.
24 февралдан бери Россия Украинада махсус ҳарбий операция ўтказмоқда. Россия президенти Владимир Путин унинг мақсадини “саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирланган ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш” деб атаган. Қуролли кучлар олдида Донбассни озод қилиш ва Россия хавфсизлигини кафолатлаш вазифаси турибди.