Россия ва Европа Иттифоқи савдо айланмаси рекорд даражага яқинлашди

Ўтган 2022 йилда Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо айланмаси икки баравар ошиб, сўнгги саккиз йил ичида қайд этилган энг юқори натижани кўрсатди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 мар ー Sputnik. Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги товар айирбошлаш 2022 йил охирида саккиз йил ичида максимал даражага етди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Хусусан, Россиядан Европага товарлар экспорти тарихий максимал даражада бўлган, РИА Новости Евростат маълумотлари асосида ҳисоблаб чиққан.

Россиядан Европа Иттифоқига товарлар экспорти ўтган йил давомида 25% га ўсди ва 203,4 миллиард еврога етди. Бу 2012 йилдаги тарихий максимал кўрсаткичдан (203,6 миллиард евро) атиги 230 миллионга кам.

Шу билан бирга, ЕИдан Россияга импорт 38,1 фоизга камайиб, 2005 йилдан бери қайд этилган энг паст даражага – 55,2 миллиард еврони ташкил қилди.
Бироқ Россиянинг ЕИдан товарлар импортининг бундай камайиши унинг 2014 йилдан бери энг юқори савдо даражасига етишига тўсқинлик қилмади: у йил давомида 2,3 фоизга ўсиб, 258,6 миллиард еврони ташкил қилди.
Натижада йил якунида ЕИнинг Россия билан савдо айланмасидаги камомад 148,2 миллиард еврони ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичдан икки баравар кўп бўлди.
Маълумот учун, Украинада махсус операция бошланганидан сўнг ЕИ давлатлари аллақачон Россияга қарши 10 та санкциялар пакетини қабул қилди. Умуман олганда, янги чекловларни ҳисобга олган ҳолда ЕИ 2021 йил маълумотларига кўра, Россияга экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг деярли ярмига (49 фоиз) қарши санкциялар киритди.
Россия раҳбари Владимир Путин таъкидлаганидек, Россияни жиловлаш ва заифлаштириш сиёсати Ғарбнинг узоқ муддатли стратегияси бўлиб, унинг асосий мақсади миллионлаб одамлар ҳаётини ёмонлаштиришдир. Шунга қарамай, давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Россиянинг молиявий барқарорлигига путур етказишнинг иложи бўлмади ва Европанинг ўзи ҳам санкцияларнинг боши берк кўчасига кириб қолди.