ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилаётган тантанали байрам тадбирида иштирок этди ва Ўзбекистон аёлларини байрам билан табриклади.
"Биз сизларни энг аввало фидойилик тимсоли деб биламиз. Меҳридарё қалбингиз, ақл-заковатингиз, севги ва садоқатингиз учун сизлардан бир умр қарздормиз. Янги Ўзбекистонни барпо этишда, Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлган ёш авлодни тарбиялашда сизларга, сизларнинг буюк мураббийлик фазилатларингизга таянамиз", - деди давлат раҳбари.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда мамлакатда фидокорона меҳнат қилаётган аёлларнинг улуши тиббиётда – 77 фоизни, таълим соҳасида – 74 фоизни, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида эса 46 фоизни ташкил этмоқда.
Агар 2017 йилда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 27 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 40 фоиздан – 47 фоизга, тадбиркорликда 21 фоиздан – 37 фоизга етди. Аёллардан 2 минг нафарга яқини давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 фоизи, Сенат аъзолари ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатларининг 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
Президент ўтган йили 872 мингдан зиёд хотин-қизларнинг бандлиги таъминлангани, 233 мингдан кўпроқ аёлларга 4 триллион 700 миллиард сўм кредит ажратилганини қайд этди. 252 мингдан ортиқ хотин-қизлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка ўқитилди.
Ўтган йили 14 мингга яқин хотин-қизларнинг уй-жой шароити яхшиланди, қарийб 7 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга ижара тўловлари қоплаб берилди.
Сўнгги йилларда “Аёллар дафтари” доирасида ҳам катта тадбирлар амалга оширилмоқда. Қисқа муддатда салкам 642 минг нафар кишига амалий ёрдам кўрсатилган.
"Дарҳақиқат, оилада бир нафар қиз ўқиб, олий маълумотга, замонавий касб-ҳунарга эга бўлса, хонадондаги муҳит бутунлай ўзгаради. Биз шу мақсадда хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим дастурни қабул қилдик", - деди Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, агар бундан 6 йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозирги кунда бу рақам қарийб 5 баробар кўпайиб, 500 минг нафарни ташкил этмоқда. Бу борада қизларнинг улуши 50 фоизга етгани мамлакат тарихида мисли кўрилмаган натижадир.
Янги тартибга мувофиқ, магистратурада ўқиётган 10 мингдан ортиқ талаба қизлар учун 68 миллиард сўмдан зиёд контракт пуллари давлат томонидан тўлаб берилди. 65 мингдан кўпроқ талаба хотин-қизларга 727 миллиард сўмга яқин фоизсиз таълим кредити ажратилди.
Эҳтиёжманд оилаларда яшаётган қарийб 2 минг нафар қизлар, шунингдек, мутахассислиги бўйича беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган 500 нафардан ортиқ хотин-қизларимиз олийгоҳларга алоҳида квота асосида ўқишга қабул қилинди.