Беларусда Россия разведка самолётига ҳужум қилмоқчи бўлган диверсант қўлга олинди

Беларусда Россия ҳаво қўмондонлик пункти сифатида фойдаланиш мумкин бўлган А-50 разведка самолётига ҳужум уюштирмоқчи бўлган террорчи қўлга олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 мар ― Sputnik. Беларусдаги Мачулишчи аэродромида Россиянинг А-50 разведка самолётига қарши диверсия қилишга уринган Украина махсус хизматлари томонидан ёлланган Россия фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда журналистларга Беларусь президенти Александр Лукашенко маълум қилди.

"Террорчи махсус тайёргарликдан ўтган. У Россия ва Украина паспортига эга, асли Кривой Рогда туғилган, Қримда яшаган. Баъзи қариндошлари Австрияда, баъзилари Киевда қолишган. IT-технологияларни яхши билади, у террорчилик амалиётига тайёргарлик кўраётганда қўлга олинди”, - дея унинг сўзларини келтиради "БелТА".

Беларусь президентининг таъкидлашича, операцияни тайёрлашда “энг юқори технологиялар” қўлланган.
"Беларусдаги операцияни амалга оширишда кўрганимиз ҳақиқатан ҳам ақл бовар қилмайдиган нарса эди. Энг юқори технологиялар жалб қилинган. У буларнинг барчасини амалга ошириш учун узоқ вақт давомида ўқитилган. Тайёргарликдан сўнг у бизнинг ҳудудимизга йўналтирилган", - дея қўшимча қилди Лукашенко.
Маълум бўлишича, диверсант ўзининг бир неча шериклари билан ҳибсга олинган.
Маълумот учун, Россиянинг А-50 эрта огоҳлантириш самолёти Беларусга Иттифоқ қўшинларининг минтақавий гуруҳини мувофиқлаштириш доирасида келди, жорий йилнинг 16 январидан 1 февралига қадар бўлиб ўтган қўшма машғулотларга жалб қилинди.
Интернетда дрон аэродром узра учаётгани акс этган видео пайдо бўлди.
Бир неча кун олдин Беларусь мухолифати ушбу самолётга уюштирилган ҳужум ҳақида маълумот берган эди, бироқ кейинчалик марказий телевидение самолётга жиддий зарар етмагани эълон қилинди ва унинг парвози видеосини намойиш қилди.
Эслатиб ўтамиз, А-50 СССР ва Россия ҳаво кучларининг радиолокацион эрта огоҳлантириш ва бошқарув самолёти ҳисобланади. У Ил-76 ҳарбий транспорт самолёти асосида яратилган бўлиб, унда узоқ масофадан туриб аниқловчи "Шмел" радиотехника мажмуаси ҳамда бошқа ускуналар ўрнатилган бўлиб, самолёт ер усти ва ҳаводаги нишонларини аниқлаш ва кузатиш, қирувчи ва зарба берувчи самолётларни йўналтириш, ва автоматлаштирилган ҳаво қўмондонлик пункти сифатида хизмат қилади.