ТОШКЕНТ, 6 мар — Sputnik. Ўзбекистонда 2023 йил тўқимачилик соҳасида экспорт салоҳияти 5 миллиард долларга етказилади, деб маълум қилди Ўзтўқимачиликсаноати" уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Қўчқорова АОКАда ўтказилган брифингда.
Унинг айтишича, "Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва ьткув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг эскпорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Фармони билан экспорт ҳажмининг 5 миллиард долларга етказишга урғу берилган.
Жумладан, Тараққиёт ва тикланиш жамғармаси томонидан 2023 йилда соҳани ривожлантириш учун 300 миллион доллар имтиёзли маблағлар ажратилиб, уларнинг 200 миллион доллари тўқимачлик маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарнинг айланма маблағларини тўлдиришга, 100 миллион доллари эса гиламчилик ва уй тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштиришга йўналтирилади.
Экспорт қилишда ташиш харажатларининг 70 фоизини компенсациялаш тартиби кенгайтирилиб, эндиликда Европа давлатларига қўшимча равишда Туркия, Марокаш, Шимолий ва Жанубий Америка, Араб, Корея ва Япония давлатларига ҳамда тайёр маҳсулотлар билан биргаликда газлама ва трикотаж матоларга хам жорий қилинади.
Бунинг натижасида жорий йилда 210 дан ортиқ экспортчи корхоналар ушбу субсидиялардан фойдаланиб 100 миллион доллардан ортиқ ҳажмдаги экспорт амалга оширилиши имконияти яратилган.
Шунингдек, ташқи бозорларда тўқимачилик маҳсулотларини сотишга мўлжалланган йирик савдо омборларини ташкил этиш харажатлари экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади.
Жорий йилда 10 та (Германия, Италия, Польша, Россия, Португалия, Франция, Туркия, Япония, Англия, Марокаш) давлатларида Ўзбекистон тўқимачилик хабларни ташкил этиш орқали 200 миллион долларлик экспорт амалга ошириш имкони яратилади.