Россия ШҲТ фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар пакетини тайёрламоқда

Таъкидланишича, гап ШҲТни тубдан ўзгартириш ҳақида эмас, балки аллақачон шаклланган механизмларни қайта форматлаш ҳақида бормоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 мар — Sputnik. Россия Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар пакетини тайёрламоқда. Бу ҳақда Россия Федерацияси президентининг ШҲТ ишлари бўйича махсус вакили Бахтиёр Ҳакимов маълум қилди.
“Ҳозирда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг ўтган йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган саммитида Россия ташаббуси билан қабул қилинган қарорга мувофиқ, ШҲТ фаолиятини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, — деди Ҳакимов.
Унинг таъкидлашича, гап ШҲТни тубдан ўзгартириш ҳақида эмас, балки аллақачон шаклланган механизмларни қайта форматлаш ҳақида бормоқда.
“Масалан, тўпланган тажрибани ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, тадбирларни юқори савияда ўтказиш бўйича амалдаги амалиёт биз ўз олдимизга қўйган вазифаларга тўлиқ жавоб бермаяпти. Ташқи иштирокчилар – ШҲТ кузатувчилари ва мулоқот бўйича ҳамкорлар, шунингдек, бошқа манфаатдор давлатлар қўшма амалий фаолиятга самарали жалб этилиши учун ишни қандай тўғри ташкил этиш ҳақида ўйлаш зарурлиги ҳақида умумий тушунча пайдо бўлди”, — дея қўшимча қилди Ҳакимов.
Унинг айтишича, ШҲТга янгича қараш, айниқса, халқаро ҳамжамиятнинг унга бўлган эътибори ортиб бораётган бир шароитда муҳим аҳамият касб этади. Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда саккиз давлат ташкилотнинг ўзагини ташкил этади, бироқ Эрон ва Беларусь тез орада уларга қўшилади.
ШҲТ 2001 йилда ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Унда Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Покистон ва Ўзбекистон иштирок этади. Кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон, ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка. Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Миср ва Қатарга мулоқот бўйича ҳамкор мақомини бериш бўйича меморандумлар имзоланди. Баҳрайн, Мальдив ороллари, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма ҳам мулоқот бўйича ҳамкор мақомини олади.