Бошқа вилоятлардан Мўйноққа келиб ишлаётган шифокорлар оиласи қанча маош олмоқда?

Ўзбекистоннинг энг олис ҳудудларидан бўлган Мўйноқ туманида 6 та даволаш-профилактика муассасаси ва 2 та маҳалла тиббиёт пункти фаолият кўрсатади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 мар — Sputnik. Ўзбекистон президентининг тегишли фармонига кўра, бошқа ҳудудлардан Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғирот туманларига бориб ишловчи шифокорларнинг ҳар ойлик лавозим маошига 100 фоиз, Мўйноқ туманида эса 200 фоиз миқдорида қўшимча устама тўловлари тўлаб бериш белгиланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, ушбу ҳужжатдан сўнг Мўйноққа бориб ишлаш истагидаги шифокорлар сони кўпайган. Ҳозир туманда Қорақалпоғистонга қўшни Хоразм вилоятидан тортиб, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Андижон каби ҳудудлардан келиб меҳнат қилаётган тиббиёт мутахассислари бор.
Мўйноқдан қарийб 1 700 километр узоқликда жойлашган Андижоннинг Жалақудуқ туманидан келган шифокорлар оиласи – Маҳмуджон Абдулазизов ва Матлуба Расулжоновалар шундай шифокорлардан.
“Тиббиёт ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳақидаги ҳужжат чиққанидан сўнг Мўйноқ туманида ишлаш бўйича вазирликка мурожаат қилганимизда ижобий жавоб олдик. Турмуш ўртоғим билан 2022 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Мўйноқда фаолият бошладик. Бундан аввал 30 йилдан ортиқ Жалақудуқ туманида тез тиббий ёрдам бўлими шифокори бўлиб ишлаганман.
Бу ерга келганимизда мўйноқликлар жуда яхши кутиб олди. Албатта, Жалақудуқ билан Мўйноқнинг фарқи катта. Андижонда аҳоли кўп, шунинг учун "Тез ёрдам"га мурожаатлар ҳам кўп бўлади. Мўйноқда аҳоли нисбатан кам бўлгани билан жуда тарқоқ жойлашган. Шунинг учун тиббий бригаданинг манзилга етиб бориш вақти узоқроқ. Шунинг ҳисобига тиббиёт ходимларига эҳтиёж юқори. "103" машиналаримиз барча зарур техникалар билан таъминланган. Марказий туманларда мавжуд барча шароит Мўйноқда ҳам яратилган.
Президентимиз “Тиббиёт ходимларининг ойлик маошини 1000 доллардан оширамиз” деганларида бунга ҳали бироз вақт бор-ов, дер эдик. Мана, ўзим бу ерга келиб, 13-14 миллион сўм ойлик оляпман”, — дейди Мўйноқ ТТБ тез тиббий ёрдам бўлими шифокори Маҳмуджон Абдулазизов.
Унинг айтишича, бошқа ҳудуддан келиб ишлаётганлар орасида педиатр, анестезиолог-реаниматолог, отоларинголог, хирург, уролог ва терапевт каби мутахассислар бўлиб, улар мўйноқликларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда маҳаллий шифокорларга кўмак бермоқда.
Матлуба Расулжонова — педиатр. У ҳам турмуш ўртоғи каби Андижон тиббиёт институтини тамомлаган. Ҳозир Мўйноқ тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида фаолият олиб бормоқда.
“Фарзандларимиз Андижонда. Уларни ўқув йили ўртасида бошқа жойга кўчирмадик. Кейинги йилдан бошлаб болалаларимизни ҳам шу ерга олиб келишни режа қилганмиз. Чунки Мўйноқда ҳали яна бир неча йил меҳнат қилишни ўйлаб турибмиз”, — дейди у.
Маълумот учун, ҳозирги кунда Мўйноқда 14 нафар шифокор бошқа вилоятлардан келиб фаолият олиб бормоқда.