Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар юзасидан маслаҳатлашув бўлиб ўтди

Конституцияга киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалар юзасидан парламент, ҳукумат ва жамоатчилик вакиллари иштирокида маслаҳатлашувлар давом этмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 мар - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Олий Мажлис депутатлари, Сенат аъзолари ва Олий суд раҳбарияти иштирокида Конституцияга киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалар юзасидан маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.
Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва давлат бошқаруви соҳаларига оид ўта муҳим ўзгаришлар акс этган ушбу қонун лойиҳасини референдумга қўйишдан аввал депутатлар ва қонунчилик ташаббусига эга субъектлар иштирокида маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда.
Бунда парламент ва ҳукумат, жамоатчилик вакиллари қонун лойиҳасига ўз таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда. Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси Конституциявий суд томонидан алоҳида кўриб чиқилиши ва хулоса берилиши қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Конституцияга ўзгариш ва қўшимчалар киритиш ўтган 2022 йилда бошланган эди. Ўшанда махсус ташкил этилган сайт орқали жамоатчилик томонидан юборилган таклифлар жамланган ва сараланган эди. Шундан сўнг депутатлар, мутахассислар ва экспертлар кўмагида Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонун лойиҳасининг якуний таҳрири тайёрланган эди.