ТОШКЕНТ, 6 мар — Sputnik. Ўзбекистонлик боксчи Элнур Абдураимов Мексикадаги бокс оқшомида мағлубиятга учради. Бу боксчи учун профессионал боксдаги дастлабки мағлубият бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу жангда Абдураимовга мезбон боксчи Анхель Даниэль Гарсия Молина рақиблик қилди. Ўн раундга мўлжалланган жанг 7-раундда тўхтатилди. 7-раундга келиб ўзбекистонлик боксчининг мураббийлари жангни давом эттирмасликни маълум қилишди. Бунга Абдураимовнинг иккинчи раундда қўлидан олган жароҳати сабаб бўлган.
Бунгача Абдураимов 10 та жангнинг барчасида ғалаба қозонган (9 та нокаут). Мексикалик Молина эса 15-жангида 15-ғалабасини қўлга киритди ва IBF North American камари эгасига айланди.