ТОШКЕНТ, 5 мар — Sputnik. Украина қўшинлари Запорожье вилоятининг озод қилинган ҳудудига ҳужум қилиш учун зарба берувчи кучларни тузмоқда. Бу ҳақда “Биз Россия биланмиз” ҳаракати раиси, вилоят маъмурияти бош кенгаши аъзоси Владимир Рогов маълум қилди.
“Гап Азов денгизи соҳилига етиб бориш учун Запорожье вилоятининг озод қилинган қисмига баҳорги ҳужумга тайёргарлик кўриш ҳақида кетмоқда. Асосий вазифа - гуруҳимизни бўлиб, Қримга қуруқлик йўлагини кесиб ташлаш”, - дейди у.
Роговнинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари қўмондонлиги захиралари асосан Днепропетровск вилоятида тўпланмоқда, бироқ уларнинг бир қисми Киев режими назорати остидаги Запорожье ҳудудида ҳам жойлашган.
“Бугунги кунда у ерга 12 мингга яқин одам юборилган. Катта эҳтимол билан Зеленский жангарилари март ойи охири - апрель ойи бошида ҳужумга ўтишга қарор қилишади”, - дея хулоса қилди Рогов.
Запорожье вилояти 30 сентябрь куни референдум натижалари бўйича Россия ҳудудига айланди, овоз берганларнинг 93,11 фоизи Россия таркибига қўшилишни ёқлади. Киев овоз бериш натижаларини тан олмайди ва ҳудудни ўққа тутишда давом этмоқда. Ҳозир Запорожье вилоятининг 70 фоиздан ортиғи Россия назорати остида, Украина армияси вилоят марказини ушлаб туришда давом этмоқда.