Саудия компанияси Ўзбекистонда “яшил” водород ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қурмоқчи

Бугунги кунда компаниянинг Ўзбекистондаги инвестициявий портфели умумий қиймати 4,4 миллиард доллардан ортиқ ва қуввати 4,1 ГВт дан кўп бўлган 5 та лойиҳадан иборат.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 мар — Sputnik. 3 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва ACWA Power (Саудия Арабистони) компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунаян ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбатда компаниянинг Ўзбекистондаги лойиҳалар портфелини амалга оширишининг долзарб масалалари ҳамда томонларни қизиқтирган соҳаларда инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Компаниянинг Ўзбекистон энергетика соҳасини ривожлантиришга қўшаётган салмоқли ҳиссаси қайд этилди. Бугунги кунда компаниянинг Ўзбекистондаги инвестициявий портфели умумий қиймати 4,4 миллиард доллардан ортиқ ва қуввати 4,1 ГВт дан кўп бўлган 5 та лойиҳадан иборат.
Йиғилишда Сирдарё, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида умумий қуввати 2,6 ГВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Лойиҳаларни режадан олдин ишга тушириш мақсадида олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар комплексини кўришга келишилди.
Биргаликда ҳаётга жорий этилиши режалаштирилган бир қатор янги лойиҳалар кўриб чиқилди. Шу ўринда, томонлар Самарқанд вилоятида 500 МВт қувватга эга қуёш электр станцияси ва Тошкент вилоятида 200 МВтли қуёш электр станциясини қуриш лойиҳалари бўйича тегишли лойиҳаолди жараёнлар ниҳоясига этгани ва янги шартномалар тузилганини олқишлади.
Алоҳида тартибда Ўзбекистонда “яшил” водород ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қуриш режалари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, кимё саноати, банк, телекоммуникация, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги инвестициявий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни ўз вақтида ва муваффақиятли амалга ошириш доирасида манзилли чора-тадбирлар кўришга келишиб олдилар.