ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Орол денгизи сатҳи ярим метргача кўтарилди. Бу ҳақда Қизилўрда вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Орол-Сирдарё ҳавза инспекцияси бошлиғи Зейнулла Казтогановнинг маълум қилишича, бугунги кунга қадар Шимолий Орол денгизида тўпланган сув ҳажми 27,0 миллиард куб метрдан 18,5 миллиард куб метргача, сув сатҳи эса 40,42 мБ.Б.гача пасайган.
Охирги кузатувларга кўра, 2022 йилнинг октябрь ойидан ҳозирги кунга қадар денгиз сатҳи 40,90 мБС ёки 48 см гача кўтарилган. Тўпланган сув ҳажми эса 19,7 миллиард куб метрни ташкил қилган.
Ўтган йили Орол денгизига 816 миллион куб метр сув келиб тушди. Биргина 2023 йилнинг дастлабки икки ойида 803 миллион кубометр қуйилган.
Табиат ресурслари вазирлиги Биологик хилма-хилликни асраш бошқармаси бошлиғи Абдурашид Содиқовга кўра, Орол денгидида ҳозир йилига 25 минг гектар ўрмон ташкил қилинмоқда. Бу йил “яшил қоплама” барпо этишни молиялаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси фармойиши асосида жорий йил жами 25 миллиард сўм маблағ талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, 5-7 июнь кунлари Душанбе шаҳрида Орол денгизини қутқариш халқаро жамғармаси ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтади. Шунингдек, Душанбеда 14 ва 15 сентябрь кунлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви муносабати билан Орол денгизини қутқариш жамғармаси таъсисчилари – давлатлар президентларининг учрашуви бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Орол денгизи қуриши оқибатида иккита сув ҳавзасига – Шимолий ва Жанубий Оролга ажралган. Шимолий Орол – Қозоғистон ҳудудида жойлашган.