ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Дзюдо бўйича Тошкент “Катта дубулға” турнирида Ўзбекистон терма жамоаси илк олтин медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олипия қўмитаси хабар берди.
Пойтахтдаги Юнусобод спорт мажмуасида дзюдо бўйича Тошкент "Катта дубулға" турнири бўлиб ўтмоқда.
Унда Муроджон Йўлдошев Ўзбекистон терма жамоаси илк олтин медалини қўлга киритди. У -73 кг вазн тоифасида курашиб, барча рақибларини мағлуб этди ва мусобақа ғолибига айланди.
Йўлдошев финал беллашувида қозоғистонлик Дониёр Шамшаевга қарши беллашди. Баҳс давомида ҳар томонлама устунлик қилган Йўлдошев ажойиб ғалабани тантана қилди.
Эслатиб ўтамиз, мусобақада дунёнинг 60 га яқин мамлакатидан спортчилар иштирок этмоқди. Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) тақвимидан ўрин олган ушбу турнирнинг мукофот жамғармаси 154 000 евро этиб белгиланган.
Ғолиб ва совриндорлар халқаро турнир медаллари ҳамда Париж-2024 Олимпиадаси йўлидаги қимматли рейтинг очколарини қўлга киритади. Турнир 5 мартга қадар давом этади.