Сурхондарёда милодий I-II асрларга тегишли хум идиш топилди

Сурхондарё вилояти Денов туманида тахмиман милодий I-II асрларга тегишли хум идиш топилгани маълум қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Сурхондарё вилояти Денов тумани “Қорабоғ” маҳалласида яшовчи фуқаро Баҳром Абдимўминов томонидан ариқ қазиш жараёнида сопол хум топилди, деб хабар берди Маданий мерос агентлиги.
Баҳром Абдимўминов катта ҳажмли сопол хум топгани тўғрисида Сурхондарё вилояти маданий мерос бошқармасига хабар қилган.
Хумнинг тарихийлик аҳамиятини ўрганиш ва реставрация қилиш мақсадида Термиз археология музейи ҳамда Термиз давлат университети тарихчи олимлари томонидан бутунлигича қазиб олиниб, музейга олиб келинган.
Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, хум милодий I-II асрларга тегишли экани тахмин қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хорижий мамалакатларда Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид 9 мингдан ортиқ осори-атиқалар аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, Самарқанд вилоятидаги “Халқлар дўстлиги ва диний бағрикенглик” музейи биносида фуқаролар қўлида сақланган қадимий ашёлар кўргазмаси ташкил этилгани маълум қилинди.