ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида қўшма ташқи савдо компанияси ташкил этилди. У икки мамлакат ўртасида сабзавот ва мевалардан тортиб автомобиль кузовларигача бўлган савдони ривожлантиришга ёрдам беради. Бу ҳақда Sputnik Қозоғистон хабар берди.
“QazTrade Савдо сиёсатини ривожлантириш маркази” ва "УзТраде" таъсислигида “УзКазТраде” МЧЖ экспорт-импорт корхонаси ташкил этилди.
Компания раҳбари Нурали Букейхоновнинг сўзларига кўра, “УзКазТраде” МЧЖнинг ташкил этилиши қозоғистонлик корхоналарга икки мамлакат бозорларига товарлар етказиб бериш ҳажмини ошириш имконини беради.
Шунингдек, ўзаро савдодаги тўсиқлар ва чекловларни олиб ташлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.
“Дастлабки босқичда ички бозоримиз эҳтиёжини қондириш учун Ўзбекистондан мева-сабзавот сотиб олиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Қозоғистон ун маҳсулотларини келгусида Афғонистонга экспорт қилиш имконияти билан Ўзбекистон ҳудудида сотишга кўмаклашамиз. Биз Ўзбекистон томони билан логистика харажатлари бўйича имтиёзлар беришга келишиб олдик”, — деди Савдо сиёсатини ривожлантириш маркази раҳбари.
Лойиҳанинг амалга оширилиши Қозоғистон бозорининг учинчи давлатлар импортига боғлиқлигини камайтириш бўйича ҳукумат чора-тадбирлари самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
Маълумот учун, 2022 йил якунига кўра Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларга етган. Бу ўтган йилга нисбатан 29,8 фоизга (3,8 миллиард доллар) кўп. Ўзбекистондан Қозоғистонга импорт 21,4 фоизга ошиб, 1,3 миллиард долларни ташкил этган.
Қозоғистон асосан автомобиллар учун кузовлар, учқунли ички ёнув двигателлари, қурилиш маҳсулотлари, автомобиль ва тракторлар учун эҳтиёт қисмлар ва аксессуарлар, шунингдек узум сотиб олади.