ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. 3 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Чимкент шаҳрида норасмий учрашув ўтказдилар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбарлари икки мамлакат Бош вазирлари ўринбосарлари, махсус ишчи гуруҳлар ҳамраисларининг имзоланган битимлар ва қабул қилинган қарорлар ижросининг бориши тўғрисида ҳисоботларини тингладилар.
Президентлар саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берди.
Маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, бўлажак тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув ҳар доимгидек очиқ, самимий ва дўстона муҳитда ўтди.