ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik.Франциянинг Montagne et Neige Développement (MND) компанияси "Чимён" умуммавсумий оромгоҳи объектларини лойиҳалаш, тадқиқ қилиш, қуриш, жиҳозларни етказиб бериш ва ўрнатиш, созлаш-ишга тушириш ишларини олиб бориш юзасидан 1-6-сонли лотлар бўйича очиқ танлов ғолиби деб топилди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа доирасида дам олувчиларни 2 515 метр баландликка кўтариладиган гондол типидаги 10 кишилик асосий осма йўли (максимал қуввати — 2 000 киши/соат) ва 3 309 метр баландликка чиқадиган маятник типидаги 80 кишилик оралиқ осма йўли (максимал сиғими — 800 киши/соат) қурилади.
Курорт бундай иншоотларга эга бўлган Марказий Осиё мамлакатларидаги энг баланд нуқтага айланади.
Шунингдек, унда XXL Zip line, Alpine coaster, Adventure tower, Tubing, Via ferrata каби 20 дан ортиқ турдаги қишки ва ёзги аттракционлар ташкил этилади, умумий узунлиги 20 километрдан ортиқ бўлган турли даражадаги 11 та чанғи учиш жойлари, 6 минг нафар туристга мўлжалланган меҳмонхона мажмуалари ва коттежлар қурилади.
MND тоғли ҳудудларда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича етакчи саноат гуруҳларидан биридир. Гуруҳ 2004 йилдан буён дунёнинг 49 давлатида фаолият юритиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятидаги Дара қишлоғида янги оилавий меҳмон уйлар, уй музейлари, ҳунармандлар устахонаси, савдо нуқталари каби туризм хизматлари йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилганди.