ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Келаси йил Самарқандда Ёшлар тармоғининг “Чексиз имкониятлар саммити” ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳи саммитида маълум қилди.
Боку шаҳрида Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳи саммити бўлиб ўтди. Унда нутқ сўзлаган Ўзбекистон президенти ёшлар масаласига ҳам тўхталиб ўтди.
Қайд этилишича, ёшларнинг сифатли таълим ва профессионал билим олиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятлари кескин камаймоқда.
“Энг ёмони, ёш авлоднинг келгусида ҳаётда ўз муносиб ўрнини топишига бўлган ишончи ва қатъияти сусаймоқда. Шунингдек, минглаб ёшларнинг онгу тафаккурига бузғунчи ва радикал мафкуралар таъсири ҳам тобора кучаймоқда”, - деди президент.
Давлат раҳбари ўз сўзида ўтган йили Тошкентда мазкур масалалар ечимига қаратилган, ёшлар таълими ва тарбиясига бағишланган иккинчи глобал конференция ўтказилганлигини қўшимча қилди.
“Бу борада сиёсат ва режаларимизни уйғунлаштириш, тўплаган тажриба-ларимиз билан ўртоқлашиш мақсадида Ҳаракатимиз Ёшлар тармоғининг “Чексиз имкониятлар саммити”ни келгуси йил жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган кўҳна Самарқандда ташкил этиш ниятидамиз”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Баку шаҳрида бўлиб турибди.
Озарбайжон томонининг раислигида ўтаётган тадбир кун тартибидан пандемия оқибатларининг таъсири сақланиб қолаётган ҳамда халқаро хавфсизлик ва барқарорликка хавф-хатар ва таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда кўп томонлама мулоқотни ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари ўрин олган.
Қўшилмаслик ҳаракати ҳарбий-сиёсий блоклар ва ташкилотларда иштирок этмасликни ҳамда ҳамкорликни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг принцип ва мақсадлари асосида ривожлантиришни ўз ташқи сиёсатининг асоси этиб эълон қилган 120 та иштирокчи давлатни бирлаштирган энг йирик халқаро тузилмалардан бири ҳисобланади.