Туркия ТИВ ҳар қандай бир томонлама санкцияларга қарши чиқди

Чавушўғли: Анқара БМТ кўмагисиз турли давлатларга бир томонлама тартибда жорий қилинган санкцияларни қўллаб-қувватламайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Анқара БМТ кўмагисиз турли давлатларга бир томонлама тартибда жорий қилинган санкцияларни қўллаб-қувватламайди. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли таъкидлади.
Ҳиндистонда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувини бошлашдан аввал Чавушўғлидан, унинг фикрича, Туркия Россияга қарши чекловлар жорий этилишига қанча вақт қаршилик кўрсатиши мумкинлиги сўралган.
“Биз қаршилик кўрсатишимиз шарт эмас, биз суверен давлат сифатида ўз қарорларимизни қабул қиламиз. Биз ҳеч қандай бир томонлама санкцияларга қўшилмаймиз, фақат БМТ кўмагида киритилганларни қўллаб-қувватлаймиз. Биз ўзимиз қарор қабул қиламиз. Ҳеч ким бизга босим ўтказа олмайди”, деди Чавушўғли.
Украинада махсус операция бошланганидан сўнг АҚШ бошчилигида Ғарб давлатлари Москвага нисбатан санкциялар босимини кескин кучайтирди. Россия экспорти соҳаси, банк ва бошқа соҳаларига нисбатан кескин санкциялар жорий этилди. Лекин ўтган вақт давомида улар кутилган натижага олиб келмади, рубль қуламади, Россия иқтисодиёти барбод бўлмади. Европа ва АҚШда эса санкциялар оқибатида электр энергияси, ёқилғи ва озиқ-овқат нархлари ошди.
Россия президенти Владимир Путин Россияни жиловлаш ва заифлаштириш сиёсати Ғарбнинг узоқ муддатли стратегияси эканлигини ва чекловлар бутун дунё иқтисодиётига жиддий зарба берганини айтди. Россия раҳбарининг сўзларига кўра, АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг асосий мақсади - дунёда миллионлаб одамлар ҳаётини ёмонлаштиришдир.