Тинтув ўтказиш ва яна бир неча ваколатлар прокурорлардан судларга ўтказилади

Янги қонун “Хабеас корпус” институтини қўллаш амалиёти доирасида қабул қилинган бўлиб, у Олий Мажлис томонидан тасдиқланганидан сўнг кучга киради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Ўзбекистонда тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувларини эшитиб туриш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколати прокурорлардан судларга ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган фармонда сўз боради.
Янги тартиб акс этган қонуний ҳужжатлар белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланганидан кучга киради.
Президент фармонида, суд-ҳуқуқ тизимига доир яна бир қатор ўзгаришлар назарда тутилган, жумладан:
жиноятларни тергов қилиш жараёнида “Хабеас корпус” институтини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш мақсадида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувларини эшитиб туриш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш;
жиноят ишини судларга айблов хулосаси (айблов далолатномаси) ва ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш тартибини жорий этиш;
адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиш талабини бекор қилиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ суд эксперти иш материаллари бўйича манфаатдор томонлар билан қариндош бўлса, иш материаллари юзасидан тадқиқотлар ўтказиш тақиқланиши ҳақида хабар берилганди.
Ҳабеас Корпус Акти (англ. Habeas Corpus Act) - субъект эркинлигини яхшироқ таъминлаш ва қамоққа олишни олдини олиш тўғрисидаги қонун. У илк бор 1679 йилда Англия парламенти томонидан қабул қилинган. Акт жиноят содир этишда айбланаётган шахсни ҳибсга олиш ва жиноий жавобгарликка тортиш қоидаларини белгилаб беради. Гумонланувчини судгача фуқароларни ушлаб туриш ва ҳибсга олишнинг қонунийлигини назорат қилиш ҳуқуқини белгилайди.