Flynas Жидда ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўяди

Саудия Арабистони авиакомпанияси 27 мартдан бошлаб Жидда ва Тошкент шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўймоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Саудия Арабистоннинг Flynas авиакомпанияси Жидда — Тошкент — Жидда йўналиши бўйича тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўймоқда, дея хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, биринчи йўловчи рейси 27 март кунига мўлжалланган. Рейслар Airbus A320neo самолётларида ҳафтасига тўрт марта — душанба, чоршанба, жума ва шанба кунлари мунтазам равишда амалга оширилиши режалаштирилган.
Авиакомпания 2022 йил сентябридан Жидда — Тошкент — Жидда йўналиши бўйича Бокуга техник қўниш билан йўловчи рейсларини амалга оширмоқда. Ушбу рейслар 2023 йилнинг 24 мартигача амалга оширилади, шундан сўнг авиаташувчи янги парвозлар жадвалига ўтади.
Flynas — Саудия Арабистони авиакомпанияси. Қирол Холид халқаро аэропортида жойлашган. Flynas беш йил давомида World Travel Award ва Skytrax томонидан кетма-кет уч йил давомида Яқин Шарқнинг етакчи арзон авиакомпанияси деб топилган.