"Осиё болалари–2023": ўзбекистонлик спортчилар мусобақани ғалаба билан бошлашди

Россияда “Осиё болалари” II қишки ўйинлари бошланди. Унда 12 давлатдан келган 19 жамоа, жумладан, Ўзбекистон делегацияси ҳам ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Ўзбекистонлик спортчилар Россияда бўлиб ўтаётган “Осиё болалари” II қишки ўйинларини ғалаба билан бошлашди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Россиянинг Кузбасс шаҳрида “Осиё болалари” II қишки ўйинлари бошланди. Унда 12 давлатдан ташриф буюрган 19 жамоа, жумладан, Ўзбекистон делегацияси ҳам ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда. Ўзбекистон ушбу ўйинларда фигурали учиш ва хоккей спорт турларида қатнашмоқда.
Айни пайтга келиб, фигурали учиш бўйича йигитлар ўртасидаги баҳслар якунланди. Унда иштирок этган Тимур Звягин 15 натижани қайд этди.
Қизлар Амалия Сулаймонова ва София Видрина қисқа дастурдан кейин мос равишда 16 ва 18 ўринда кетишмоқда. Бугун улар эркин дастурдаги чиқишларини намойиш этишади.
Хоккейчилар эса мусобақадан олдинги тайёргарлик босқичида Кемерово жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказиб, 7:5 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Мусобақанинг II дивизионидан жой олган ёш хоккейчилар бугун саралашдаги иштирокини бошлашади.
Эслатиб ўтамиз, “Осиё болалари” IIқишки халқаро спорт ўйинлари 5 мартга қадар бўлиб ўтади. Биринчи марта мусобақалар бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳудудлар — Кемерово, Новокузнетск, Междуреченск, Тоштагол ва Шерегеш томонидан ўтказилади. Дастурга қишки спортнинг ўнта тури, жумладан чанғи, конкида учиш, хоккей, сноуборд, фигурали учиш ва бошқалар киради. Хоккей турнири доирасида Ўзбекистоннинг 2007-2008 йиллар терма жамоаси иштирок этмоқда.