ЖССТ: Вабо эпидемияси туфайли бир миллиард кишининг саломатлиги хавф остида

Ўтган ҳафтанинг ўзида учта давлатда янги эпидемиялар қайд этилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Ҳозир дунёнинг 43 мамлакатида яшовчи 1 миллиарддан ортиқ киши вабо хасталигини юқтириш хавфи остида. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг баёнотида айтилади.
Таъкидланишича, ўтган ҳафтанинг ўзида учта давлатда янги эпидемиялар қайд этилган. Шу тариқа мазкур касаллик рўйхатга олинган давлатлар сони 22 тага етди.
Вабо тарқалиши тенденцияси 2022 йилда бошланган ва бир йил олдингига нисбатан 50 фоиз кўпроқ ҳудудга кириб борган.
ЖССТ таҳлилига кўра, касалликнинг авж олишига табиий офатлар, баъзи минтақаларда қашшоқлик кучайиши ва ҳарбий тўқнашувлар сабаб бўлган.
Мутахассислар фикрича, келгусида иқлим ўзгариши ва глобал исиш туфайли муаммо янада кескинлашиши мумкин. Шунингдек, дунёнинг кўплаб нуқталарида кузатилаётган тоза ичимлик суви танқислиги муаммо кўлами ортишига олиб келади.
Ўз навбатида, халқаро экспертлар вабо билан касалланганлар ўртасида ўлим даражаси кескин ортганидан жиддий хавотирда.
Вабо ўткир диарея инфекцияси бўлиб, ҳар йили ўртача 2,9 миллион кишида аниқланади. Ачинарлиси, беморлардан 95 минг нафари инфекция асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юммоқда.