Абдулла Орипов ҳақида фильм суратга олинди

Фильм Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили шоирнинг ватанига ташрифи чоғида берган топшириғига кўра суратга олинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Ўзбекистонда “Абдулла Орипов” бадиий фильми устида иш ўз ниҳоясига етди. Фильмда атоқли шоирнинг ҳаёти ва ижодий йўлининг босқичлари ҳақида сўз боради, деб хабар беради Кинематография агентлиги ахборот хизмати.
Суратга олиш ишлари Қашқадарё, Жиззах, Тошкент, шунингдек, Орипов ҳаётининг сўнгги йилларини ўтказган Хьюстон ва Лос-Анжелесда бўлиб ўтди.
Фильмда Қудратилла Бурхонов, Гулчеҳра Жамилова, Шодмонқул Салом ва Райҳон Асадова роль ижро этган. Режиссёр Музаффархон Эркинов.
Фильм Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили шоирнинг ватанига ташрифи чоғида берган топшириғига кўра суратга олинган.
Абдулла Орипов ўзбек шоири, Ўзбекистон мадҳияси сўзлари муаллифи. У Данте, Некрасов, Шевченко, Кулиев ва бошқа кўплаб хорижий муаллифларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Биринчи ва иккинчи чақириқ депутати, Олий Мажлис сенатори бўлган. 1998 йилда Ориповга Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилган.