ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. 2022 йилда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 14 минг нафар меҳнат мигрантига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати маълум қилди.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда хорижий давлатларда Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши, хусусан, мажбурий меҳнатга жалб этилаётганлиги, ойлик иш ҳақларини ўз вақтида ололмаётганлиги ёки ноқулай шароитларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлиги юзасидан айрим хабарлар чоп этилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон фуқароларининг нафақат мамлакат ҳудудида, балки хорижий давлатларда ҳам меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш бўйича Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан зарур чоралар кўриб борилмоқда.
“2022 йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда элчихоналаримиз ва консуллик идораларимиз томонидан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 14 минг нафар меҳнат мигрантига ҳуқуқий ёрдам, 271 минг нафарига маслаҳат хизматлари, 20 минг нафарига ижтимоий ёрдам, 3,8 минг нафарига моддий ёрдам, 1,4 минг нафарига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, хорижий иш берувчилардан Ўзбекистон фуқароларининг 1 199,7 минг АҚШ доллари миқдорида иш ҳақи ва компенсациялари ундириб берилишида амалий ёрдам кўрсатилган.
Қайд этилишича, бу борада Миллий комиссия томонидан хорижий давлатларнинг парламентлари, Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот билан яқиндан конструктив ҳамкорлик йўлга қўйилган.
“Азиз юртдошлар, агар сиз мажбурий тарзда бирон-бир меҳнатга жалб этиш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш, иш ҳақини ўз вақтида бермаслик билан боғлиқ муаммоларга дуч келсангиз “1176” ҳамда “1092” рақамли “ишонч телефон”лари, dmi.mehnat.uz сайти орқали ёки “@mehnathuquq_bot” ва https://t.me/migratsiyaagentligi телеграм канали орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳар бир маълумот ва мурожаат белгиланган тартибда тезкорлик билан ўрганиб чиқилади ва тегишли зарур чоралар кўрилади. Шунингдек, мурожаатчининг розилигисиз шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади.