ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. 23-26 февраль кунлари Мисрда спорт курашлари бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Рейтинг сериясига кирувчи турнирда Ўзбекистон терма жамоаси 3 та бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Мусобақанинг якунловчи кунида ўзбекистонлик спортчилар 2 та бронза медалига сазовор бўлишди. Ярим финалга етиб борган Умиджон Жалолов ушбу босқичда арманистонлик Вазген Теванянга имкониятни бой берди. Бироқ бронза медали учун баҳсда грузиялик Эдеми Болквадзедан устун келди.
Шунингдек, Токио-2020 Олимпиадаси совриндори Бекзод Абдураҳмонов ҳам шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилди. Бронза медали учун кечган курашда у арманистонлик Арман Авагянни мағлубиятга учратди.
Мусобақанинг биринчи кунида эса Ҳасанбой Раҳимов совриндорлар қаторидан жой олган эди.