Путин Эрдоғанни туғилган куни билан табриклади

Россия раҳбари Туркия президентини туғилган куни билан табриклади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин ва Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдоған ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кремль сайтида хабар берилган.
“Телефон суҳбатида икки томонлама кун тартибидаги айрим долзарб масалалар кўриб чиқилди”, — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Таъкидланишича, Россия раҳбари Туркия президентини туғилган куни билан табриклаган. Эрдоғанга табрик телеграммаси ҳам йўлланган.
“Ҳурматли жаноб президент, азиз дўстим, сизни туғилган кунингиз билан чин қалбимдан табриклайман. Россия сизнинг мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар ва конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссангизни қадрлайди”, — дейилади табрик матнида.
Путин икки давлат раҳбарлари “ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни тизимли равишда амалга оширишда” давом этишига ҳамда минтақавий ва глобал кун тартибидаги муҳим масалалар бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришда давом этишига ишонч билдирди.
Бундан ташқари, Россия президенти Эрдоғаннинг ватандошлар ва хориждаги обрўси, айниқса Туркиядаги вайронкор зилзилалардан кейинги кескин вазиятда юксак даражада эканлигини таъкидлади. Путиннинг сўзларига кўра, айни дамда Туркия раҳбарининг давлат арбоби ва шахс сифатидаги энг яхши фазилатлари, унинг жасорати, онгли ва зарур қарорлар қабул қилиш қобилияти тўлиқ намоён бўлмоқда.
Россия президенти ҳамкасбига мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, фаровонлик ва муваффақиятлар тилади.
Маълумот учун, Эрдоған бугун, 26 февраль куни 69 ёшни қаршилади.