ТОШКЕНТ, 26 фев - Sputnik. Ғарбнинг Россияни бўлиб ташлаш режалари қоғозда ёзилган ва бу унинг ягона мақсадига айланди, деди Россия президенти Владимир Путин "Россия 1" телеканали бошловчиси Павел Зарубин билан суҳбатда.
Президентнинг сўзларига кўра, агар Москва Ғарб давлатларининг сиёсатига қарши турмаганида, Россия халқларининг ва рус халқининг тақдири кескин ўзгариши мумкин эди.
"Уларнинг режалари амалга ошган тақдирда, рус халқи каби этник гуруҳ бугунги кунда мавжуд бўлган шаклда яшай оладими ёки йўқлигини ҳам билмайман", - деди Путин.
Давлат раҳбари Ғарб ягона рус халқи ўрнига “московитлар, уралликлар ва бошқаларни” яратмоқчи эканлигини таъкидлади.
"Буларнинг барчаси режаларда бор эди - улар қоғозда ёзилган. Фақат муносабатларни вақтинча сақлаш мақсадида биз <...> бу ҳақда гапирмасликка ҳаракат қилдик. Лекин буларнинг ҳаммаси бор, ҳаммаси қоғозда ёзилган”, - деди Президент.
Путин, дастлаб Совет Иттифоқининг, кейин эса Россиянинг бўлинишини - Ғарбнинг умумий мақсади деб атади.
“Кейин, эҳтимол, улар бизни маданиятли халқлар оиласига қабул қиладилар, лекин фақат алоҳида-алоҳида, ҳар бир қисмни алоҳида”, - деди Путин.
Давлат раҳбари тушунтирганидек, Ғарб Россияни ҳар хил субъектларга бўлиб, уларни ўз назорати остига қўймоқчи.
Россия президенти айтишига кўра, Ғарб давлатлари СССР парчаланганидан сўнг дунёни ўзларининг истакларига мос равишда ўзгартиришга уриниб келишди ва бу хавфли вазиятни келтириб чиқарган. Шундан сўнг Россия уларга жавоб қайтаришга мажбур бўлди.