Аллергология марказида қандай даволаш усуллари йўлга қўйилган?

Марказда беморлар учун 45 ўринли стационар, консультатив ташхис қўйиш поликлиникаси, аллергология, лаборатория, физиотерапия бўлимлари, “астма ва аллергия мактаби” фаолият кўрсатмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. Аллергология марказида ўтган йили теридан олинган материаллардан “Demodex folliculonum” ва қўтир қаначаларини аниқлаш усуллари жорий қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Дунёда аллергик касалликларнинг ўта оғир кечувчи янги турлари кўпаймоқда. Бу экологик муаммолар, нотўғри овқатланиш, дори воситаларини ҳаддан ташқари кўп қабул қилиш, камҳаракатлик каби қатор омиллар билан боғлиқ. Марказимиз ана шундай хасталикларни профилактика ва диагностика қилиш ҳамда даволашга ихтисослаштирилган”, - дейди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори Илмира Разикова.
Таъкидланишича, марказда беморлар учун 45 ўринли стационар, консультатив ташхис қўйиш поликлиникаси, аллергология, лаборатория, физиотерапия бўлимлари, “астма ва аллергия мактаби” фаолият кўрсатмоқда.
Бу ерда биокимёвий, клиник ва иммунологик лаборатория синовлари ўтказилмоқда. Ўз навбатида, илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
“Ўтган йили қонда бир вақтнинг ўзида 90 турдаги аллергенга нисбатан махсус ва умумий иммуноглобулинларни аниқлаш имконини берувчи “PROTIA Allerqy-Q90” — ИФА мультиплекс диагностик текширув усулини йўлга қўйдик”, - дейди марказ директори.
Шунингдек, теридан олинган материаллардан “Demodex folliculonum” ва қўтир қаначаларини аниқлаш усуллари жорий қилинган.
“Бундан ташқари, Италияда ишлаб чиқарилган “Alisei” диагностика автомат анализаторидан фойдаланяпмиз. У орқали энг илғор деб ҳисобланган “in vitro” усулида бир пайтнинг ўзида 200 дан ортиқ аллергенларни аниқлаш имконияти мавжуд”, - деди марказ директори.
Қайд этилишича, текширувлар учун ёш чекловлари йўқ. Уни исталган пайтда ўтказса бўлади. Турли дори воситалари таъсири тест натижаларига тўсқинлик қилмайди.
Айтилишича, марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали ва Нукус шаҳри кўп тармоқли марказий поликлиникасида илк бор ташқи нафас тизимига аллергенлар таъсирини провакация, яъни аллергенлар юборилганда бронхоспазмни юзага келтириш орқали текшириш усули йўлга қўйилди.
Келгусида бундай янгиликларни бошқа ҳудудларда оммалаштириш мақсад қилинган.