ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Энди оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш жавобгарликка сабаб бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Одилжон Тожиев маълум қилди.
Куни кеча, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Конституциявий қонун лойиҳасидаги муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон Конституциясининг ОАВга боғлиқ моддасига янги норма қўшиш таклиф этилди.
Амалдаги Конституциянинг 67-моддасида цензурага йўл қўйилмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Эндиликда ушбу моддага қўшимча сифатида “Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади” нормаси ҳам қўшилиши таклиф этилмоқда.
“Айрим раҳбарлар, улар учун қанчалик ёқимсиз бўлмасин, ҳақиқатга юз тутишга ўрганиши керак. Бу йўлда конституциявий янги норма ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади, деб ўйлайман”, деб ёзади депутат.
Қайд этилишича, Ўзбекистондаги ОАВ сони 2016 йилга нисбатан қарийб 30 фоизга ортиб, 1962 тага етди. Интернет нашрлари сони эса сўнгги 6 йилда салкам икки баробар кўпайиб, 677 тани ташкил қилмоқда.