Ақтўбе вилояти йўлларида қолиб кетган ўзбекистонликлар эвакуация қилинди

Самара-Чимкент автомобил йўлининг 964 километрида Ўзбекистон ва Тожикистон республикаларининг 41 нафар фуқароси эвакуация қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти йўлларида қолиб кетган ўзбекистонликлар эвакуация қилинди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар департаменти хабар берди.
Ўтган сутка давомида юк ва йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши муносабати билан Ақтўбе вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари 93 кишини эвакуация қилди.
Қайд этилишича, эвакуация қилинганлар орасида Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 41 нафар фуқаролари бор.

“24 февраль куни Фавқулодда вазиятлар департаменти кучлари томонидан Айтекеби туманидаги Самара-Чимкент автомобил йўлининг 964 километрида Ўзбекистон ва Тожикистон республикаларининг 41 нафар фуқароси эвакуация қилинди. 25 февраль куни Ақтўбе шаҳридаги Эдиге Ботир проспектида (шаҳарга кираверишда) департамент томонидан 54 киши эвакуация қилинди”, дейилади хабарда.

Қутқарув ишларига 52 нафар қутқарувчи ва 14 дона техника жалб қилинган.