ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Энтони Блинкен 2023 йил 28 феврал – 1 март кунлари Тошкент шаҳрига ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ хабар қилди.
“Ташрифнинг асосий мақсади Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклигини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишдан иборатдир”, - дейилган хабарда.
Бундан олдин Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги 28 феврал куни Энтони Блинкен Қозоғистонга илк расмий ташрифини амалга оширишини маълум қилганди.
Остонага ташрифи давомида президент Қосим-Жомарт Тоқаев уни қабул қилади. Шунингдек, у Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди билан музокаралар ўтказади.
Шу куннинг ўзида Блинкен иштирокида Остонада Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг C5+1 форматидаги вазирлар учрашуви бўлиб ўтади. “Кун тартибида АҚШ билан минтақавий ҳамкорлик ва шерикликни янада ривожлантириш масалалари”, — дейилган ахборотда.