Метро бекатларида савдо шохобчалари фаолияти қайта тикланади

"Новза" метро бекатининг пиёдалар ўтиш йўлагида тажриба-синов тариқасида савдо шохобчаларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Метро бекатларида савдо шохобчалари фаолияти қайта тикланади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Тошкент метрополитени" ҳаракат хизмати раҳбари Султон Қодиров маълум қилди.
Қайд этилишича, метрополитен бекатларида савдо шохобчалари фаолияти қайта тикланади.
"Ҳозирда "Новза" метро бекатининг пиёдалар ўтиш йўлагида тажриба-синов тариқасида савдо шохобчаларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда", дейди Султон Қодиров.
Шунингдек, ер усти метро йўналиши эстакадаси остидаги ҳудудларда жами 2700 ўринли автотураргоҳлар ташкил этилади.
Қуйидаги туманларда автотураргоҳлар ташкил этилади:
Яшнобод туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши эстакадаси остидаги ҳудудда 1200 ўринли бешта автотураргоҳ. Умумий ер майдони 2,9 гектар;
Сергели туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши ҳудудида 1500 ўринли еттита автотураргоҳ. Умумий ер майдони 3,37 гектар.