ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Ислом тараққиёт банки Ўзбекистондаги мактабларни қуриш ва таъмирлашга маблағ ажратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Ислом Тараққиёт Банки Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси таълим шўбаси раҳбари Муҳаммад Мирзаи Каҳаги, Таълим учун глобал ҳамкорлик (GPE) ташкилотининг ҳудудий раҳбари Лина Бенете ҳамда UNICEF ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммедзаде билан учрашди.
Учрашувда Ислом тараққиёт банки томонидан ажратилиши режалаштирилаётган маблағдан фойдаланишдаги асосий вазифалар ҳамда режалар белгилаб олинди.
"Ажратилган маблағлардан айрим мактаблар таъмирланади ҳамда янги мактаблар ва спортзаллар қурилади", дейилади хабарда.
Мазкур соҳа учун Таълим учун глобал ҳамкорлик ташкилоти томонидан ҳам қўшимча маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган 10104 та мактаб жами 5,2 миллион ўқувчи ўрнига эга. Лекин ҳозирда ушбу мактабларда 6,3 миллион ўқувчи таҳсил олмоқда. Ҳозирда таъмирталаб мактаблар сони 1250 тани ташкил этади.