Ҳиндистонда ўзбек-ҳинд ҳамкорлигида ўқув машғулоти бошланди – фото

“Дўстлик-2023” биргаликдаги ўзбек-ҳинд ўқуви Питхорагарх шаҳридаги тоғли ҳудудда жойлашган Garhwal Rifles 14-баталёнида ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистондан 45 нафар ҳарбий хизматчи қатнашмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Ҳиндистонда ўзбек-ҳинд ҳамкорлигида ўқув машғулоти бошланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар берди.
“Дўстлик-2023” биргаликдаги ўзбек-ҳинд ўқуви Питхорагарх шаҳридаги тоғли ҳудудда жойлашган Garhwal Rifles 14-баталёнида ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистондан 45 нафар ҳарбий хизматчи қатнашмоқда.
Тадбирда Garhwal Rifles 32-бригада командири бригадир Маянк Ваид ва Мудофаа вазирлиги масъул офицери подполковник Шавкатжон Сармонқулов сўзга чиқишди.
Тантанали тадбирдан сўнг икки мамлакат ҳарбий контингенти вакиллари учун брифинг ҳамда жамоавий суратга тушиш тадбирлари ташкил этилди.
Ўқув машғулотининг илк кунидан иштирокчиларга Ҳиндистон давлатининг тарихи, маданияти, ҳудудий бўлиниши, урф-одат ва анъаналари, ҳарбий салоҳияти ва мудофаа қудрати, армиянинг ташкилий тузилмаси ҳақида маълумот берилди.
Шундан кейин ҳамкорликдаги ўқув машғулоти иштирокчилари учун Ҳиндистон қуролли кучларида фойдаланиладиган қурол-аслаҳалар таништирилди.
Машғулотлар доирасида ўтказиладиган тадбирлар:
Икки давлат ҳарбий хизматчиларининг шартли террористик гуруҳларини қидириб топиш
Йўқ қилиш;
Тоғли тўсиқларни енгиб ўтиш ҳамда тоғли ўрмон шароитларида жанговар операцияларни бажариш;
Махсус вазифалар;
Спорт ва маданий-маърифий тадбирлар.
Ҳамкорликдаги ўқувлар 5 март кунига қадар давом этади.