ТОШКЕНТ, 21 фев — Sputnik. Бугун, 21 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Сурия Араб Республикасининг зилзиладан жабр кўрган аҳолиси учун инсонпарварлик ёрдами юборилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Таъкидланишича, қарийб 50 тоннага яқин инсонпарварлик ёрдами юки юборилган. Рўйхатга болалар ва катталар учун кийимлар, маиший техника воситалари, чидамли озиқ-овқат консервалари, қуруқ мевалар, ярим тайёр овқатлар, чақалоқлар бўтқаси, одёл ва ёстиқлар, гигиеник воситалар тўплами сингари ҳаётий зарур восита ва маҳсулотлар киритилган.
Қайд этилишича, инсонпарварлик юки ёрдами кўринишидаги ҳаётий зарур восита ва маҳсулотларни самолёт орқали Ўзбекистондан Сурияга Фавқулодда вазиятлар, Транспорт вазирликларининг масъул ходимлари етказиб беришади.
Маълумот учун, 6 февраль куни Суриянинг Ҳалаб, Латакия, Хама ва Тартус вилоятлари кучли зилзиладан жиддий зарар кўрди.