ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси 2023 йил 26 мартдан 28 октябрга қадар амал қиладиган баҳор-ёз парвозлар жадвалига ўтмоқда. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, ушбу мавсум даврида 70 дан ортиқ йўналиш бўйича мунтазам авиақатновлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Тошкентдан Урганч ва Нукусга парвозлар кунига 2 марта, Бухорога эса 1 марта амалга оширилади. Шу билан бирга, пойтахтдан Қаршига ҳафтада 2 марта, Термиз ва Самарқандга 6 марта, Наманганга – 2, Фарғонага – 3 ва Андижонга ҳам икки мартадан авиақатновлар бажарилади.
Истанбул, Дубай, Рига, Москва, Олмаота, Остона, Душанбе, Бишкек, Боку, Минск, Деҳли, Лондон, Сеул, Куала-Лумпур ва бошқа шаҳарларга халқаро авиақатновлар анъанавий тарзда Тошкентдан амалга оширилади.
Қайд этилишича, янги мавсумда авиакомпания Нью-Йорк, Франкфурт, Рига, Тел-Авив, Боку, Тбилиси каби халқаро йўналишларда авиақатновлар сонини оширмоқда. Қишки жадвалга нисбатан Истанбулга мунтазам рейслар сони кўпайтирилади.
Шунингдек, баҳор-ёз мавсумидан бошлаб авиакомпания Милан, Париж, Россия шаҳарларидан Оренбург, Нижневартовск, Омск, Нижний Новгородга парвозларни амалга ошира бошлайди.