Педиатрия марказида болаларда учрайдиган мураккаб касалликларни даволаш йўлга қўйилмоқда

Қайд этилишича, ютуқлар пойтахт билан чегараланиб қолмай, ҳудудларда ҳам амалиётга кенг татбиқ этиляпти.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида болаларда учрайдиган мураккаб касалликларни ноёб операциялар орқали даволаш йўлга қўйилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
“Сўнгги икки йилда ушбу муассасада дунёнинг энг илғор мамлакатларида қўлланила бошлаган 39 та янги диагностик ва даволаш усуллари амалиётга татбиқ этилди. Ушбу даврда юртимизда илк бор юқори ичак тутқич артерияси синдромини энг илғор технологиялар ёрдамида аниқлаб, уни мураккаб операция орқали баратараф этиш йўлга қўйилди”, — дейди марказ директори Дилором Аҳмедова.
Таъкидланишича, шунингдек, Ўзбекистонда биринчи марта 2 нафар ёш беморда юз нервининг пластика микрохирургик операцияси бажарилди. Натижада уларда юз ассиметрияси ва нуқсони каминвазив йўл билан муолажа қилинди.
Қайд этилишича, бундай ютуқлар пойтахт билан чегараланиб қолмай, ҳудудларда ҳам амалиётга кенг татбиқ этиляпти.
Жумладан, Жиззах, Фарғона, Тошкент вилоятларида илк бор тизимли бошланувчи ювенил артрит аниқланган болаларни генно-инженер терапияси орқали даволаш ўзлаштирилган.
Шунингдек, болаларда мальабсорция синдромини ичаклар барьери ўтказувчанлигини ҳисобга олган ҳолда дифференцияланган муолажа қилиш ҳамда муковисцидоз касаллигини ҳам шу усулда даволаш йўлга қўйилган.