ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. 17 февраль куни мисрлик хонанда ва блогер Мустафо Абу Раваш ҳамда унинг ижодий ҳамкори Раша Н.М.Радва Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.
Ташриф Маданият ва туризм вазирлиги томонидан Ўзбекистоннинг Қоҳира шаҳридаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Қайд этилишича, ташрифдан мақсад Ўзбекистон маданияти ва туризм салоҳиятини Миср давлатида кенг тарғиб этиш орқали Араб мамлакатларидан сайёҳлар оқимини оширишдир.
Маълумот учун, Мустафо Абу Раваш нафақат Мисрда, балки бутун дунёда катта аудиторияга эга. Хусусан, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини 6 миллионга яқин обуначи кузатиб боради.
“Ўзбекистонга биринчи марта келишим. Мақсадим халқингизнинг турмуш тарзи билан танишиш, ўзим учун янгиликларни кашф қилиш. Таъкидлашим керакки, Ўзбекистоннинг об-ҳавоси, урф-одатлари, ва, айниқса, миллий таомлари ажойиб”, - деди Мустафо.
Таъкидланишича, Мустафо Абу Раваш ва Раша Н.М.Радва Тошкент, Самарқанд, Бухорога саёҳат қилади. Шунингдек, мисрлик хонанда Ўзбекистонда бир қатор видеоклиплар суратга олишни ҳам режалаштирган.
Аввалроқ Миср Араб республикаси Туризм ва қадимий ашёлар вазири ўринбосари Гада Самеер Шалаби билан учрашув ўтказилган ва унда Ўзбекистон ва Миср ўртасида 2023–2025 йилларга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режасини имзолаш бўйича келишувга эришилганди.