Мирзиёев расмий ташриф билан Мисрга боради

Саммит якунида Қўшма баёнот қабул қилиниши ва қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб республикаси президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг таклифига биноан 20-21 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Миср муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларининг кенг доираси ўрин олган.
Таъкидланишича, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Саммит якунида Қўшма баёнот қабул қилиниши ва қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Ташриф доирасида Ўзбекистон раҳбари Мисрнинг етакчи компаниялари раҳбарлари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказади.