ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун 200 та 18 метрли автобус олиб келинади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган ПҚ–59-сонли қарорда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, шаҳар автобус йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизими босқичма-босқич жорий этилади.
Ташувчилар билан ҳисоб-китоблар “босиб ўтилган йўл” ва “сифат” мезонлари асосида амалга оширилади.
Шунингдек, йўлкира ҳақини кунлик йиғиш режа-топшириғини белгилаш амалиёти бекор қилинади.
Қолаверса, ташувчилар томонидан йўналиш кўрсаткичлари бажарилишини мониторинг қилиш, бажарилган иш ҳажми ва сифатини аниқлаш ҳамда баҳолаш, йўлкира ҳақи тўланишини ва кўрсатилган хизматлар сифатини назорат қилиш учун автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви ва назорат тизими ташкил этилади.
Автобус йўналишларининг янги тармоғи жорий этилиши, автоматлаштирилган тўлов тизими ва автоматлаштирилган диспетчерлик хизмати босқичма-босқич ишга туширилади.
Ишга тушириш муддатлари:
2023 йил 1 мартгача – Тошкент шаҳрида;
2023 йил 1 августгача – Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида;
2024 йил 1 июнгача – Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида йўлга қўйилади.
Йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизими босқичма-босқич:
2023 йил 15 апрелдан – Тошкент шаҳрида;
2024 йил 1 январдан – Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида;
2024 йил 1 июндан – Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун 200 та 18 метрли ва 500 та 12 метрли табиий газда ишлайдиган автобуслар ҳамда 300 та 12 метрли электробуслар харид қилиш бўйича келишувга эришилган.
Нукус шаҳри ва вилоят марказлари жамоат транспорти учун ҳам жами 1000 та табиий газда ишлайдиган автобуслар харид қилинади.