Бугун Бухорога янги марраларни белгилаш учун келдик – Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Бухорий, Мотуридий, Марғиноний каби буюк алломалар меросига таянган ҳолда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарур. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
“Ҳамма жойларга бориб, соҳаларга туртки бериб, муаммоларни ҳал этиб, халқни рози қилишга ҳаракат қиляпмиз. Бугун Бухорога ҳам янги марраларни белгилаш, одамларнинг бирини икки қилиш учун келдик. Ҳамма хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Олимлар билан суҳбатда диний таълимни ривожлантириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарурлиги таъкидланди.
“Охирги йилларда ҳамма соҳалар қатори дин бўйича ҳам очиқлик, эркинлик берилди, бир нечта илмий марказлар ташкил этдик. Лекин булардан халқимизга нима манфаат бўлаяпти? Манфаат шундай бўлиши керакки, бу салоҳиятни жамиятга етказиш керак”, деди президент.
Қайд этилишича, Бухорий, Мотуридий, Марғиноний каби буюк алломалар меросига таянган ҳолда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарур. Бунинг учун диний таълимни амалиёт билан боғлаш, илмий марказларни дунёда етакчиларга айлантириш керак.