ТОШКЕНТ, 16 фев – Sputnik Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Туркия Ўзбекистон билан савдо-сотиқ айланмаси ҳажми бўйича тўртинчи ўринда туради. 2022 йил якунига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3 224 миллион долларни ташкил қилди.
“Россия ва Хитой билан биргаликда Туркия мамлакатимизнинг энг йирик инвесторларига айланган. Туркия капитали иштирокидаги қўшма корхонлар сони кескин ошди. Бундан ташқари, Туркияда ўзбек тадбиркорлари иштирокидаги корхоналар сони ортиб бормоқда”, - дейди “Маъно” илмий ташаббуслар маркази директори Бахтиёр Эргашев.
6 февраль куни Туркияда юз берган зилзилалар мамлакат ижтимоий соҳаси ва иқтисодиёти учун жиддий синов бўлади ва бу унинг ҳамкорлар билан муносабатларига таъсир қилмай қолмайди, дея таъкидлайди эксперт.
“Туркияда содир бўлган фожеавий ҳодисалар икки мамлакатнинг ташқи сайло айланмасига таъсир қилиши аниқ. Бу муқаррар. Ҳозир кўплаб турк компаниялари форс-мажор ҳолати ҳақида маълум қилаётганига мисоллар бор. Логистика бўйича ҳам жиддий чекловлар, чунки, транспорт инфратузилмаси катта зарар кўрди. Ва бу операцияларнинг аниқ қисми камайишига олиб келди”, - дейди Бахтиёр Эргашев.
Бироқ, мутахассиснинг сўзларига кўра, мамлакат иқтисодиёти катта зарар кўрмайди, чунки зилзила асосий ишлаб чиқариш ва маъмурий марказларга таъсир қилмаганлиги сабабли, Туркия нисбатан тез тикланиши мумкин.
“Туркия иқтисодиёти ва унинг марказлари, бу эса Истанбул, мамлакатнинг шимолий ва ғарбий қисми, Қора денгиз соҳиллари, яъни асосий қисмига зилзила таъсир кўрсатмаган. Шу боис биз суҳбатлашган ўзбекистонлик ишбилармонлар бир ярим ой ичида барча алоқалар яхшиланиши ва тикланишига умид боғлашмоқда. Бу масалада ижобий динамика кутилмоқда, амалга оширилаётган лойиҳалар ва шартномалар тўлиқ амалга оширила бошлайди”, - деб ҳисоблайди эксперт.
Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ҳам худди шундай фикрда. “AGRO ORGANIC FOOD” МЧЖ қишлоқ хўжалиги корхонаси асосчиси Алишер Юсуповнинг тахмин қилишича, Туркия иқтисодиётини тиклаш учун икки ойга яқин вақт кетади, шундан сўнг бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қайта йўлга қўйилади.
“Ҳозир ҳамкорларимиз йўқотишларни ҳисоб-китоб қилиши керак, бунинг учун тахминан 2 ой керак бўлиши мумкин. Туркия кучли давлат, деб ўйлайман ва тезда тикланишига умид қиламан. Мева-сабзавотлар экспорти ва импортига келсак, ҳаммаси бартараф этилгандан сўнг, биз ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз”, - дейди у Sputnik мухбири билан бўлган суҳбатда.
Электр тармоқларини қуриш ва қуёш панелларини ўрнатиш билан шуғулланувчи “SISTRONIK SYSTEM” компанияси матбуот котиби Сиёвуш Раҳимов ҳам Туркиядаги фожиа компания фаолиятига катта таъсир кўрсатмаслигига умид қилмоқда.
“Таъсисчимиз – турк миллатига мансуб. Зилзила содир бўлган Қаҳрамонмарашда туғилиб вояга етган. Биз ҳалок бўлганлар учун чуқур қайғудамиз, қўлимиздан келганча ёрдам кўрсатяпмиз. Бу фаолиятимиз ва ишлаб чиқаришга катта таъсир қилмаслигига умид қиляпмиз”, - дейди у.
Туркия тўқимачилик маҳсулотлари импорт ҳажми бўйича Россиядан сўнг иккинчи ўринда туради. Ўзбекистонлик текстиль ишлаб чиқарувчилари савдо-сотиқда узоқ давом этмайдиган пасайиш бўлишини кутишмоқда.
“Туркия – Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотининг йирик бозорларидан бири. Охирги воқеалар натижасида савдо айланмасининг бироз қисқариши кутилмоқда. Сабаби, етказиб бериш занжирларининг узилиши, шунингдек, хомашё ва товарларнинг белгиланган жойга етиб бориш вақтининг кўпайиши. Лекин биз ҳамон Туркия кучли иқтисодиётга эга давлат эканлигига ишонамиз. Шу боис, прогнозларимиз бўйича, ёз ёки кузга яқин ҳаммаси тикланади”, - дейди Самарқанддаги пахта-тўқимачилик кластери вакили Умиджон Тўйчиев.
Эслатиб ўтамиз, Туркия жануби-шарқидаги Қаҳраманмараш вилоятида 6 февраль куни 9 соатлик интервал билан 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзилалар содир бўлган эди. Зилзила мамлакатнинг 10 вилояти ва қўшни давлатларида сезилган. Улардан Сурия энг кўп жабр кўрган.
Ўзбекистон табиий офат юз берган ҳудудларга Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 200 га яқин мутахассиси, кинолог ва шифокорларни жўнатди. Қутқарувчилар вайронагарчиликларни бартараф этишда давом этишмоқда.