Нодирбек Абдусатторов – биография

Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторовнинг таржимаи ҳоли ва иш фаолияти ҳақида батафсил Sputnik материалида танишинг.
Sputnik
Ўзбекистонлик шахматчи, халқаро тоифадаги гроссмейстер, тезкор йўналишдаги шахмат бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов 2004 йилнинг 18 сентябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган.
Абдусатторов 3 ёшлигидан шахмат ўйнашни бошлаган. У 5 ёшида Тошкент шаҳрида ўтказилган 8 ёшгача бўлган болалар ўртасидаги турнирда ғолиб бўлган. 6 ёшида Ўзбекистон чемпионига айланган.

Шахматдаги фаолияти

2012 йилда Словениянинг Марибор шаҳрида 8 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган шахмат бўйича Жаҳон кубогини қўлга киритди.
2014 йилда 9 ёшли Нодирбек Тошкентда Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган шахмат турнирида икки гроссмейстерни мағлубиятга учратди.
Нодирбек Абдусатторов
2015 йил ноябрь ойида Юнонистоннинг Порто-Карас шаҳрида бўлиб ўтган шахмат бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллади.
2017 йилнинг 29 октябрида Чигорин мемориали мусобақасида учинчи ўринни эгаллади. Ушбу турнир давомида 13 ёшли Нодирбек ўз рейтингини 2500 баллдан юқори кўтариб, гроссмейстер унвонига сазовор бўлди.
2021 йил сентябрь ойида Абдусатторов Россия шахмат федерацияси томонидан "Ясная Поляна" музей-мулкида ташкил этилган Лев Толстой номидаги турнирида иккинчи ўринни эгаллади.
2021 йил 26-29 декабрь кунлари Польшанинг Варшава шаҳрида бўлиб ўтган тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионатида амалдаги жаҳон чемпионлари — Ян Непомняшчий ва Магнус Карлсенни мағлубиятга учратди.
2023 йилда классик ўйинда Магнус Карлсенни ортда қолдириб, Чигорин рамзий клубига аъзоликни қўлга киритди.
Нодирбек Абдусатторов

Эришган ютуқлари

У 2017 йил 29 октябрь куни 13 ёшида гроссмейстер унвонига сазовор бўлди. Бунга қадар фақатгина россиялик шатматчи – Сергей Карякин Нодирбекдан кўра кичикроқ вақтида, 12 ёшида гроссмейстер унвонига сазовор бўлган.
2021 йил январь ҳолатига кўра, Нодирбек Абдусатторов шахмат тарихидаги энг ёш бешинчи гроссмейстер бўлган.
2021 йил декабрь ойида Варшавада бўлиб ўтган шахматнинг рапид (тезкор) йўналиши бўйича жаҳон чемпионати ғолиб бўлди. У мусобақа давомида 5 карра жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни ҳамда россиялик Ян Непомняшийни мағлуб этди.
Нодирбек Абдусатторов
Ўзбекистон президентининг фармони билан Нодирбек Абдусатторов “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди ҳамда президент кўрсатмаси билан унга Тошкент шаҳрида 2 хонали хонадон совға қилинди.
2022 йил август ойида Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров, Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов билан биргаликда Ченнайда ўтказилган 44-бутунжаҳон олимпиадаси чемпиони бўлди.
Нодирбек Абдусатторов Тошкентда кутиб олинди

Оиласи

Чемпионнинг онаси Марзия Очилова, отаси эса Фазлиддин Очилов. Нодирбекнинг бир акаси ва бир опаси бор.
Нодирбекнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари:
Telegram – канали;
Twitter – саҳифаси.
Нодирбекнинг Sputnik'га 2017 йилда берган эксклюзив интервьюсида шахмат бўйича кейинги беш йиллик прогнози ҳақида танишинг.
Гроссмейстер ҳақида қизиқарли фактлар билан ушбу материалда танишинг.
Нодирбек Абдусатторов